Президент Жиззах шаҳрининг бош режаси асосида амалга оширилиши режалаштирилган бунёдкорлик лойиҳалари билан танишди. 

«Кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча шаҳарлари қатори Жиззах шаҳрида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари бажарилмоқда. Замонавий уй-жойлар, янги йўл ва кўчалар, хиёбонлар барпо этилмоқда», дейилади ЎзА хабарида

Маълум қилинишича, Темирйўлчилар ва Тошкент кўчаларининг меъморий ечими бўйича лойиҳа шаҳарда темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолини арзон ва замонавий уй-жойлар билан таъминлашга қаратилган. Лойиҳага кўра мазкур кўчаларни туташтирувчи 900 метрли, тўрт полосали яна бир йўл қурилади. Бу транспорт воситалари ҳаракатига, темир йўл вокзалига келиб-кетувчиларга катта қулайлик яратиши кўзда тутилган. Янги кўчанинг икки томонида 5-7 қаватли замонавий уй-жойлар бунёд этилади. Жиззах шаҳрининг Мустақиллик кўчасида ҳам 7 қаватли турар жойлар қурилади. Ўзбекистон кўчаси кенгайтирилади. 

Жиззах вилояти туманлари марказларида бунёд этиладиган 4 қаватли арзон уй-жойлар лойиҳаси ҳам тақдим этилди. 

Давлат раҳбари бу кўча ва янги уйлар шаҳар қиёфасини ўзгартириш, аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.