Президент Жиззах шаҳрининг бош режаси асосида амалга оширилиши режалаштирилган бунёдкорлик лойиҳалари билан танишди. 

ЎзА хабарига кўра, давлат раҳбарига Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбонларини барпо этиш лойиҳалари ҳам намойиш этилган. 

Шавкат Мирзиёев 2016 йил 18 ноябрда Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашувда халқнинг фидойи фарзанди Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш, у киши туғилиб ўсган Жиззах заминида ёдгорлик мажмуаси барпо этиш таклифини билдирган эди.

Шавкат Мирзиёев: «Шароф Рашидовни кўкларга кўтарган, ўлимидан сўнг уни қоралаган тузум адолатли эдими?»

Ушбу ташаббуснинг ижобати сифатида Жиззах тумани Шароф Рашидов тумани деб номланди.

2017 йил 27 март куни Президентнинг «Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинганди.

Бугунги кунда бу борада изчил ишлар амалга оширилмоқда. Жиззах шаҳрида Шароф Рашидов хиёбони барпо этилмоқда. Бу ерда Шароф Рашидов ҳайкали ўрнатилиб, атрофида боғ яратилади. Ушбу хиёбон шу йил ноябрь ойида очилади. 

Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбонини барпо этиш, мазмун-моҳиятини бойитиш, уларнинг мактабларини ташкил этиш юзасидан ҳам кўрсатмалар берилди.