2016 йилда Ўзбекистон МХХ Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси ходимлари давлат чегараларини бузиб ўтган 7343 кишини қўлга олишди. Бундан ташқари, чегара тартибини бузган 6887 нафар, чегара қоидасини бузган 7272 киши ва Ўзбекистон Республикасида бўлиш тартибини бузган 1374 нафар шахс ушланган. 

Ўзбекистон МХХ Матбуот маркази вакилининг Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган брифингда маълум қилишича, халқаро террорчилик ташкилотларига алоқадор бир киши ва қидирувда бўлган 10 шахс қўлга олинган. 

Шунингдек, Ўзбекистон чегарасидан ноқонуний ва яширинча олиб ўтилаётган 271 дона қурол-аслаҳа, шу жумладан, 4 дона ўқотар қурол, 255 дона ов милтиғи, 12 дона пневматик қурол, 13453 дона ўқ-дори, 2 дона “Ф-1” гранатаси ва 3,6 кг портловчи моддалар аниқланиб, уларнинг олиб ўтилишининг олди олинган. 

Шу билан бирга, ўзбек чегарачилари томонидан мафкуравий зарарли ғояларни тарғиб қилувчи маҳсулотлар, хусусан, диний экстремистик маълумотларни ўз ичига олган 696 дона китоб ва 405 дона электрон сақлаш воситалари (диск, флешкалар)нинг олиб кирилишига чек қўйилди.