АҚШ президенти Дональд Трамп Корея Республикасига унинг ҳудудига Американинг THAAD ракетага қарши мудофаа тизимини ўрнатгани учун 1 миллиард доллар тўлов учун ҳисоб юбормоқчи. Бу ҳақда Трамп Reuters агентлиги мухбирига берган интервьюсида айтиб ўтган.

Бундан ташқари, Оқ уй эгаси Сеул билан эркин савдо бўйича келишувни қайта кўриб чиқмоқчи. У ўзининг сайловолди кампанияси вақтида бу келишув туфайли АҚШ 100 мингга яқин иш ўрни йўқотаётгани ҳақида гапирганди.

АҚШнинг РҚМ тизимига қарши норозилик намойишлари ўтказилаётган Жанубий Кореядагилар эса Вашингтонга пул тўлаш ниятида эмаслар.

Шимолий Корея танглиги: АҚШ бу таҳдид  қаршисида чорасизми?

Бундан олдинроқ АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг қуролли кучлар масаласи бўйича қўмитасида қуролли кучлар Тинч океани қўмондонлиги раҳбари Ҳарри Ҳаррис THAAD тизими яқин кунларда жанговар навбатчиликка киришиши ҳақида маълум қилиб ўтганди. Мажмуанинг тўлиқ жойлаштирилиши ишлари май ойида якунланиши кутилмоқда.

Жанубий Кореядаги нашрлар берган маълумотга кўра, THAAD бир вақтнинг ўзида ўнлаб ракеталарни тутиб қолиш имкониятига эга. У TPY-2 TM радари билан жиҳозланган. Унинг аниқлаш радиуси 200 км атрофида экани айтилмоқда. Бу борада расмий маълумотлар берилмаган.

Жанубий Корея фуқаролари THAAD мажмуаларини норозилик билан қарши олишди

Тизимнинг айрим қисмлари мамлакат жанубига етказилган. Жумладан, Кенсан-Пукто провинциясидаги Сонджу уездига 6 та юк машинасида радар ва бошқа жиҳозлар келтирилган. 

Сонджунинг юзлаб аҳолиси бунга қарши чиқди ва полиция билан тўқнашувларга киришди. Улар қишлоқ хўжалигига ихтисослашган минтақа THAAD жойлаштирилганидан сўнг Шимолий Корея баллистик ракеталарига нишонга айланишидан ташвишланмоқда.

АҚШ ушбу тизимни КХДР томонидан мавжуд хавф туфайли Жанубий Кореяга жойлаштирди. Бу ҳаракат эса Хитой ҳамда Россияда ташвиш уйғотган.

Хитой Жанубий Кореяда THAAD тизими жойлаштирилишидан жиддий ташвишда