Андижон вилоят хўжалик суди томонидан 2016 йил мобайнида хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида жами 24614та 541 млрд 533 млн сўмлик ариза ва даъво аризалари мазмунан кўриб чиқилган бўлиб, шундан 970 та хўжалик иши бўйича тадбиркорлик субъектлари фойдасига 26 млрд 344 млн сўм ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган. 
Бу ҳақида Андижон вилоят хўжалик суди томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида Андижон давлат тиббиёт иститутида ўтказилган учрашувда маълумот берилди.

Тадбирда Андижон вилоят хўжалик судининг раиси А.Шукуруллаев, хўжалик суди судьялари У.Сайдахмедов ва С.Ҳусанов тадбиркорлик фаолиятига яратиб берилаётган имтиёзлар, тиббиёт соҳасининг хусусий сектори бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистон Республикаси президентининг “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2016 йил 31 октябрдаги ПҚ-2647-сонли ва “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш тўғрисида”ги 2017 йил 1 апрелдаги ПҚ-2863-сонли Қарорларининг мазмун-моҳиятини ўқувчи-ёшларга тушунтириб беришди.

Ҳужжатда мамлакат раҳбарияти томонидан фармацевтика саноатини ривожлантириш, аҳоли ва даволаш муассасаларини сифатли, самараси юқори ва хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлаш, маҳаллий хом ашё, жумладан, доривор ўтлар асосида дори-дармон воситалари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобидан фармацевтика маҳсулотларини маҳаллийлаштиришни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий сектор томонидан кўрсатилаётган хизмат турларини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек учрашувда ёшлар ўртасида жиноят содир этиш ҳолатлари ҳуқуқбузарликни олдини олиш борасида ҳам фикрлар алмашилди.

Тадбир сўнгида вилоят хўжалик судининг раиси ва судьялари томонидан олий таълим муасссаси ходимлари ва талабалари томонидан берилган саволларга батафсил жавоблар ва тушунтиришлар берилди.