Черногория парламенти мамлакатнинг НАТОга киришига овоз берди. Цетина шаҳридаги йиғилишда депутатлар НАТОга қўшилиш баённомасини 46 овоз билан ратификация қилишди. Ҳаммаси бўлиб парламент 81 депутатдан иборат бўлиб, мухолифат вакиллари йиғилишга бойкот эълон қилишган ва унда иштирок этишмаган.  

Йиғилиш маҳаллий телевидение орқали трансляция қилинди. Иштирокчилар орасида мамлакат президенти Филип Вуянович ва собиқ бош вазир Мило Жуканович бўлганлар. Улар қабул қилинган қарорни қизғин олқишлашган.

Мухолифат НАТОга кириш парламентда эмас, умумхалқ референдумида ҳал қилиниши кераклигини талаб қилишган. Мухолифатчилар муддатдан аввал парламент сайловларига эришиб, ҳукуматга келиб, НАТОга кириш қарорини бекор қилишга ваъда берганлар.

Овоз бериш арафасида мамлакатда хавфсизлик чоралари кучайтирилган. 

Мамлакатнинг НАТОга тўлақонли қўшилиши баённоманинг НАТОга аъзо барча давлатлар томонидан ратификация қилинганидан кейин мумкин бўлади. Ҳозирча буни фақатгина Испания амалга оширмади.

Ўз навбатида Россия Черногориянинг НАТОга қўшилишига қарши чиққан ва буни "сунъий тортиш" деб атаган. Ўтган ҳафтада Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Черногорияда мамлакатнинг НАТОга кириши арафасида Россия ва унинг фуқароларига қарши адоват кучаётганини таъкидлаб ўтган. Жорий ҳафтада Роспотребнадзор Черногориянинг Plantaze компанияси виноларининг Россия ҳудудига киритилишини тақиқлаб қўйди.