АҚШ давлат департаменти мамлакат ичкариси ва хорижда ишлаётган дипломатлар ва хизматчилар сонини 2300 нафар кишига қисқартиришни режалаштирмоқда. Bloomberg агентлигининг ўз манбаларига асосланган ҳолда хабар қилишича, бу Америка ташқи сиёсат маҳкамаси умумий ходимларининг 9 фоизга яқинини ташкил этади. 

Маълумотларга қараганда, бу қарор Рекс Тиллерсоннинг давлат департаменти тузилмасини оптималлаштириш режасини акс эттиради. Бу тузилма Барак Обама вақтида сезиларли кенгайган эди. Ушбу талаблар АҚШнинг ҳозирги давлат раҳбари Дональд Трампнинг федерал ҳукумат харажатларини камайтириш бўйича талабларига мос келади. 

Агентлик асосланаётган манбаларга кўра, "аксар қисқаришлар, яъни 1700га яқини бўш қолган иш ўринларига янги ходимлар олинмаслиги ҳисобига амалга оширилади". "Қолган 600 ўрин товон пули тўлаш билан амалга оширилади", - дея аниқлик киритган агентлик суҳбатдошлари. 

Трамп 27 апрель кунги чиқишида давлат департаментига "жуда кўп одам керакмас"лигини айтган эди. "Биз федерал бошқармалардаги барча бўш иш ўринларини тўлдирмаймиз", - деган давлат раҳбари.