Бугун, 28 апрель куни Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги идорасида ИТ Марказий Осиё бўйича Махсус вакили, элчи Питер Буриан иштирокида матбуан анжумани ташкил этилди.  Мазкур анжуман давомида элчи ОАВ ходимларига 2017 йил 26-28 апрель кунлари Европа Иттифоқининг расмий вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюргани ҳақида батафсил маълумот берди. 

Ташриф доирасида Тошкент шаҳрида қатор вазирликлар, бошқармалар дипломатик корпус вакиллари, нодавлат ташкилотлар билан учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, Самарқанд шаҳри маҳаллий ҳокимият билан учрашув ташкил этилди. Делегация ЕИ молиявий кўмаги остида Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар фаолияти билан танишиб чиқди.  

Питер Буриан расмий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашиб, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг сиёсий, савдо иқтисодий, инвестицион ва молиявий-техник соҳалардаги ҳамкорлиги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари ҳамда айрим минтақавий масалалар муҳокама қилинганини таъкидлаб ўтди. 

“Европа Иттифоқи яқинда қабул қилинган 2017-2021 йиллардаги бешта устувор йўналишларда Ўзбекистон Республикасининг ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегиясини, шунингдек, Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги турли ҳамкорлик дастурларни  қўллаб-қувватлашга тайёр. Минтақадаги барқарорликни таъминлаш ва унинг иқтисодий ўсишида Ўзбекистон муҳим рол ўйнашини алоҳида қайд этиш лозим”, - дейди ЕИ элчиси. 

ЕИ расмий вакилларининг ташрифи чоғида нодавлат ташкилотлар билан мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни муҳокама қилиш учун учрашувлар ўтказишди. 

“Мамлакатда Ўзбекистоннинг ЕИ ҳамда Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар билан икки томонлама муносабатларини мустаҳкамлашда янги шарт-шароитлар яратувчи ислоҳотларнинг амалга оширилаётганидан мамнунмиз”, - дея қўшимча қилди Питер Буриан.