Ўзбекистон МХХ Фарғона вилоятида ноқонуний контрабанда фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро фаолиятига чек қўйди. 2016 йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари тезкор бўлинмалари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида вилоятнинг Олтиариқ туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига барҳам берилди. 

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган брифингда МХХ Матбуот маркази катта ходими Юлчибаева Лоланинг маълум қилишича, ушбу фуқаро хонадонидан Қирғизистон ҳудудига олиб борувчи 120 метрлик ер ости йўлаги аниқланган. Бу ушбу уй эгасига контрабанда фаолияти билан эркин шуғулланишига имкон берган. 

Таъкидланишича, Қирғизистон хавфсизлик хизматлари билан ҳамкорликда олиб борилган саъй-ҳаракатлар сабабли мазкур ер ости йўлаги бартараф этилди.