Kun.uz таҳририятига Ўзбекистоннинг турли чеккаларидан ҳар хил масалалар бўйича мурожаатлар келишда давом этмоқда. Уларнинг мазмуни турлича, бошқа-бошқа жойдан келган. Аммо муаммонинг мазмун ва моҳияти, кўлами ва долзарблиги бир хил. Ана шундай мурожаатлардан бири Тошкент шаҳрининг Сергели туманидан келиб тушган. Унда ипотека асосида янги қурилаётган уй-жойлар харид қилиш ва бу борада ҳокимият тутаётган йўл тилга олинган.

"Шу кунларда Сергели тумани ҳокимиятида ҳам ажойиб, ҳам кўп серияли “шоу” бўлмоқда. Бу воқеаларнинг асосий режиссёри ҳам, ижрочиси ҳам уй-жой бўлимидаги атиги 1-2 нафар шахслардир.

Маълумки, Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Сергели туманида арзон уй-жойлар қурилиши бошлаб юборилди. Жорий йилнинг 1 апрелига қадар минглаб аҳоли ипотека кредити асосида ушбу уйлардан олиш учун ҳокимиятнинг уй-жой бўлимига сўралган ҳужжатларни топширишди.

Одатга кўра, ушбу ҳужжатлар топширилган кетма-кетлиги, яъни навбат бўйича туман ҳокимлиги ҳузуридаги, бевосита ҳоким раислигидаги уй-жой комиссияси томонидан кўриб чиқилиши керак.

Масалан, мен 1 февралда ҳужжат топширдим дейлик. Сиз тахминан 400-ўриндасиз дейишади. Аммо уй-жой комиссияси нечанчи ўринда ҳужжат топшираётганларни кўриб чиқмоқда, аҳвол шу тахлит давом этса, мени галим качон келади? Бу каби маълумотларни билишнинг умуман иложи йўқ. Жилла қурса, ҳокимият биноси кириш жойига ҳужжат топширганларнинг рўйхати ҳам илиб қўйилмаган. Кейинчалик телефон орқали яна навбат сўралганда бутунлай бошқа рақамни айтишади. Шу тариқа юзлаб, минглаб одамлар хуноби ошиб юришга маҳкум!

Энг аламлиси, ҳафтада атиги 2 кун, унда ҳам 3-4 соат фуқароларни қабул қиладиган уй-жой бўлими олдидаги тумонат одамни кўриб, қўрқиб кетасан. (Дарвоқе, амалдаги тартибларга кўра, фуқароларнинг қабул муддатини бу қадар қисқа муддат қилиб белгилаб қўйиш ҳам нотўғри!) Кимдир қўлига қоғоз олиб, навбатни ёзади. Бир амаллаб 98-ўрин насиб қилди. Аммо 2 соат ўтди ҳам-ки, галим келмади. Ишдан атиги 1 соатга рухсат олганим боис, навбатим келмай, киролмай кайтиб кетдим. Менга ўхшаган бошқа ишчи-хизматчиларнинг аҳволини тасаввур қилаверинг. Шу тариқа сунъий тўсиқ вужудга келтирилган.

Мендан 1 хафта кейин ҳужжат топширганлар аллақачон комиссия йиғилишига телефон қилиб чақирилди, ипотека кредитини расмийлаштиришни ҳам бошлаб юборишди. Аммо мени ҳанузгача чақиришмади. Ваҳолангки, ҳозирги аҳволим ҳар жиҳатда арзон уй-жой олиш учун номзодлар қаторига киритиш талабларига жавоб беради.

Шу тариқа ичингда шубҳа-гумонлар ўралай бошлайди. Президентимиз ушбу уйлар адолатли тарзда тақсимланиши керак, деб куюнчаклик билан билдирган фикрларини Сергели ҳокимиятидаги мутасаддилар эшитишмаган, эшитишган бўлишса-да, эҳтимол ўзларини эшитмаганга солаётгандирлар. Балки бунинг ортида қўштирноқ ичида бошқа манфаат бордир?!".

“Ушбу масала ҳам жиддий ўрганиб чиқилишини истайман. Ўша уйлардан олиш насиб қилмаса ҳам майли, аммо 3-4 та одамнинг совуққонлиги деб халқимиз умид  кўзлари билан, ишонч билан қараётган Президентимизга ва унинг сиёсатига нисбатан ишончсизлик ва умидсизлик туғилмасин.

Исми-шарифимни атайлаб кўрсатмадим. Тағин, уй-жой бўлимида чанг босиб ётган ҳужжатлар тўпламим тасодифан  изсиз “йўқолиб” қолмасин дейман-да!”, деб ёзади у.

Шу ўринда ушбу вазият билан боғлиқ бир жиҳатни келтириб ўтсак. Ҳар бир туманда ушбу турдаги уйларни олиш учун зарур ҳужжатлар, жумладан, кам таъминланган оила тўғрисидаги маълумотнома ҳам тақдим этилиши керак. Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида истиқомат қилаётган фуқародан келиб тушган мурожаатга кўра, мазкур ҳужжатларни олиш, тақдим этиш масаласида ҳам қатор қийинчиликлар, нотабиий талаблар вужудга келмоқда. 

Ўйлаймизки, айни дамда уй олиш билан боғлиқ мазкур муаммолар ечими тез орада ишлаб чиқилади ва одамлар мушкули осон этилади. Қалбда дард ўрнида қувонч бўлишига нима етсин?!