Хитой мудофаа вазирлиги аввалроқ чоп этилган плакат учун расман узр сўрашига мажбур бўлди. Плакат Хитой ҳарбий-денгиз кучлари ташкил этилганининг 68 йиллигига бағишланган бўлиб, унда "Ляонин" авиаташувчи кемаси тасвирланган ҳамда "Туғилган кунинг билан Хитой армияси ҲДК" деб ёзилган. Плакат мудофаа вазирлигининг расмий саҳифасида ва Weibo ижтимоий тармоғида чоп этилган.

Мудофаа вазирлигининг узр сўрашига эса ушбу плакатдаги самолётлар ва кемага ҳамроҳлик қилаётган кичикроқ кемаларнинг "қалбакилаштирилгани" сабаб бўлган. Плакатда Хитой авиаташувчи кемасида маҳаллий самолётлар ўрнига Россиянинг МиГ-35 самолётлари тасвирланган. Шунингдек, кемадан кўтарилаётган самолётлар палуба самолётлари J-15 эмас, балки қуруқликдан ҳавога кўтариладиган J-10 қирувчи самолётлари бўлган. Шунингдек, кемага ҳамроҳлик қилаётган кичикроқ кемалар АҚШнинг универсал десант кемалари бўлиб чиққан, деб хабар бермоқда South China Morning Post нашри.

Ушбу "қалбакилик" аниқлангандан кейин Хитой мудофаа вазирлиги матбуот котиби Ян Юцзюнь плакат учун узр сўраган ва тасвир ноаниқ чиққанидан афсусда эканини таъкидлаб ўтган.

Фото: mod.gov.cn