Россиянинг Калининградида ушланган ва "Ислом жиҳоди – мужоҳидлар жамоати" халқаро террорчилик ташкилоти билан алоқаларда гумон қилинган 12 киши орасида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томондан экстремистик йўналишдаги жиноятларни содир этганлик учун қидирилаётган террорчи ҳам бўлган. Бу ҳақда Россия федерал хавфсизлик хизматига иқтибос келтирган ҳолда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Ушланган кимса Калининград вилояти аҳолиси, жумладан Марказий Осиё минтақасидан келганлар ўртасида жангариликка ёллашни амалга оширган. 

"Айни вақтда жиноятчи айбини тан олувчи, жумладан ўз қариндошларининг халқаро террорчилик ташкилоти фаолиятида иштирок этишлари бўйича кўрсатмалар бермоқда. Бундан ташқари, террорчилик бўлими етакчиси бўлган бу кимсанинг алоқалари аниқланган, уларнинг Сурия ҳудудида ҳаракат қилувчи ноқонуний қуролли тузилмаларга алоқадорлиги текширилмоқда", деб айтилди Федерал хавфсизлик хизматида.

Таъкидланишича, барча ушланган 12 киши Ўрта Осиё давлатларидан келганлар ҳисобланади. Яқин истиқболда қўлга олинган террорчиларни улар келган давлатларга жўнатиш тадбирлари режалаштирилган. Улар ўз ватанларида содир этган жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортиладилар.