Озарбойжоннинг Evrascon компанияси Қамчиқ довони орқали ўтувчи стратегик автомобиль йўли реконструкцияси бўйича ишни келаси йили якунлайди. Бу ҳақда Спутник автомобиль йўллари бўйича Давлат қўмитасидаги манбага асосан хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, Озарбойжон компанияси аввалги пудратчи – Испаниянинг Corsan Cоrviam Construction ўз мажбуриятларини бажармагач, ишларни бу йилдан бошлади.

Лойиҳа Тошкент-Ўш А-373 автомобиль йўлининг 116-190 километрлик қисмидаги реконструкцияни назарда тутади, у айнан Қамчиқ довони орқали ўтади. Уни амалга ошириш бўйича шартнома испанлар билан 2012 йилда имзоланган, унинг суммаси эса қарийб 140 миллион долларни ташкил этган. Бироқ кейинчалик испанлар техник регламентнинг қатор қўпол бузилишлари туфайли ишлардан четлатилди. Шу билан бирга, испанияликлар эскирган технология қурилмаларни ишлатган, шартномада келишилган муддатларга риоя этмаган ва текширилмаган субпудратчиларни жалб этган.

"Corsan Cоrviam Construction шартнома билан режалаштирилган ишларнинг тахминан 35-40 фоизини бажарди. Унинг четлатилишидан сўнг, тендерда Озарбойжоннинг Evrascon’и ғалаба қозонди, у жорий йилда йўлга цементбетон қоплама ётқизиш бўйича ишларга киришди. Режага кўра, лойиҳа доирасидаги барча ишлар 2018 йилга якунланади. Бу Ўзбекистон учун жуда муҳим стратегик лойиҳа, шунинг учун биз бажарилаётган ишлар сифатига жуда жиддийлик билан ёндашмоқдамиз", - дея таъкидлаб ўтган суҳбатдош.

Эслатиб ўтамиз, Қамчиқ довони орқали йўл Ўзбекистондаги аҳоли энг зич жойлашган ҳудуд – Фарғона водийсини республиканинг бошқа минтақалари билан боғловчи ягона автомобиль йўли саналади. Қамчиқ довони орқали бир сутка давомида 21 мингдан ортиқ автомобиль ўтади.

Аввалроқ Қамчиқ довонида автомобиллар учун яна бир туннель қурилиши ҳақида хабар бергандик.