Россия Федерациялар Кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг РИА Новости'га берган интервьюсида маълум қилишича, Россия Сурия президенти Башар Асадни “шахс сифатида” ҳимоя қилаётгани йўқ.

“Биз Башар Асадни шахс сифатида ҳимоя қилаётганимиз йўқ, бизнинг мақсад бу эмас. Биз халқаро ҳуқуқ, БМТ Низомига қатъий риоя этилиши тарафдоримиз. Уларда бошқа давлатлар ишига ташқаридан аралашишга йўл қўйилмаслик кераклиги аниқ ёзиб қўйилган”, - дея айтиб ўтди у.

Матвиенконинг таъкидлашича, бундай аралашиш нималарга олиб келишини Ироқ, Ливия ва бошқа мамлакатлар мисолида кўриш мумкин.

“Мушакларни, кучни кўрсатиш – АҚШ авиациясининг Сурия ҲҲК авиабазасига зарба берганида рўй берган ҳолатдир. Ўйлаб топилган сабаблар билан ташқаридан туриб бостириб кириш бўйича ҳаракатлар амалга ошмоқда”, - дея қайд этиб ўтган Россия Федерациялар Кенгаши спикери.

Аввалроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путин Сурия етакчиси Башар Асаднинг адвокати эмаслиги ҳақида маълум қилганди.