Оқ уй Дональд Трамп маъмуриятининг биринчи юз куни якунларини сарҳисоб қилди. Хусусан, президентнинг ташқи сиёсатдаги энг катта хизматларидан бири сифатида “Россиянинг БМТдаги яккаланиши” эътироф этилди.

"Сурия ва Россияни БМТда ХХР раиси Си Цзиньпин билан муваффақиятли дипломатия йўли орқали янада кўпроқ яккалатиб қўйди", - дейилади Оқ уй матбуот хизмати хабарида.

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Хейли ҳам куни кеча Россияга босим ўтказиш кераклиги ҳақида маълум қилди. Дипломатнинг фикрича, бу Суриядаги можарони ҳал қилишга имкон беради.

У Москвани ўз халқига кимёвий қурол қўллаган мамлакат етакчисини ҳимоя қилишда айблади. Унинг фикрича, Башар Асад Россиянинг ҳомийлигидан фойдаланмоқда.

"Айни дамда барча эътибор ва босим Россияга қаратилиши керак, сабаби у буни ўзи истаса тугатиши мумкин", - дея таъкидлаб ўтган америкалик дипломат.

"Мен Хавфсизлик Кенгашига босим ўтказишда давом этаман", - дея қўшимча қилиб ўтган Хейли.

Россиянинг БМТдаги доимий вакили вазифасини бажарувчи Петр Ильичевнинг бунга жавобан маълум қилишича, Суриядаги гуманитар вазиятни яхшилашнинг энг яхши усули, жанговар ҳаракатларни тўхтатиш режимига амал қилишдир.

"Сиздан ҳам, ғарбдаги ҳамкасбларимиздан ҳам, вазиятни енгиллаштириш йўлида нималар қилаётганингиз ҳақида биронта сўз эшитганимиз йўқ", - дея айтиб ўтган россиялик дипломат америкалик ҳамкасбига юзланиб.

Аввалроқ Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Москва Суриядаги вазиятни сиёсий йўл билан ҳал қилишдан воз кечиш ҳамда бу давлатда ҳокимиятни алмаштириш бўйича ҳаракатларга қарши экани ҳақида маълум қилганди. 

Хейлининг Москвага босим ўтказиш борасидаги чақириқлари эса россиялик қатор сиёсатчиларнинг норозилигига сабаб бўлди. Масалан, Федерациялар кенгашининг мудофаа ва хавфсизлик бўйича қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Франц Клинцевич америкалик дипломатнинг ғоясини самарасиз, деб атади.

"Афтидан, АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Хейли мактабда ёмон ўқиган шекилли. Шунинг учун унга эслатиб ўтмоқчиманки, Ньютон учинчи қонунида шундай дейилади: ҳаракатга ҳар доим унга тенг ва қарама-қарши бўлган ҳаракат бор", - дея Клинцевичнинг сўзларини келтиради унинг матбуот хизмати.

"Ерга қайтинг, хоним Хейли. Осмонларда учиб юриш – масъулиятли сиёсатчилар учун эмас", - дея қўшимча қилган сиёсатчи.

Унинг ҳамкасби, Федерациялар кенгашининг халқаро қўмитаси раиси Константин Косачев эса, ўз навбатида, АҚШни Сурия можаросида айблади.

"Хейлининг баёноти, афсуски, америкаликлар Суриядаги ҳақиқий вазиятни тўла тушунишмаётганидан далолат беради", - деган Косачев.

Эслатиб ўтамиз, Никки Хейли АҚШнинг БМТдаги доимий вакили лавозимини 25 январь куни эгаллади. Сенат Жанубий Каролина собиқ губернаторини бу лавозимга деярли бир овоз билан тасдиқлади.

У бу лавозимда 46 ёшли Саманта Пауэрни алмаштирди. Пауэр Россияга қарши кескин позицияси билан машҳур эди ҳамда Россиянинг ўша пайтдаги ташкилотдаги доимий вакили Виталий Чуркин билан бир неча бора баҳсга киришганди.