АҚШ яқин орада режага кўра Афғонистондаги ҳарбий контингенти қисмларининг ротациясини ўтказмоқчи. Қўшинлар сони оширилмайди, деб маълум қилинди Пентагонда.   

Аввалроқ Daily Beast нашри АҚШ Афғонистонга 82-ҳаво-десант дивизияси таркибидан қўшимча 1,5 минг ҳарбийни юборишини маълум қилганди. Бу қўшинлар норасман "Бутунамерика дивизияси" деб аталади.  

"Бу қўшимча қўшин эмас, балки режали ўзгартириш", деб айтди АҚШ мудофаа вазирлигининг матбуот хизмати вакили ва қўшинлар сони оширилмаслигини таъкидлаб ўтди.   

Ўз навбатида дивизияда десантчилар ёзда АҚШнинг бошқа қуруқликдаги бўлинмалари ўрнини эгаллашлари маълум қилинди.

"Ҳарбийлар 9 ойга жойлаштирилади. Бу режалаштирилган акция ва жангариларнинг бирор-бир ҳужуми билан боғланмаган", деб айтди подполковник Жо Буччино.

Мазкур дивизия ҳарбийлари Афғонистондаги жанговар ҳаракатларда аввал иштирок этишган. Айни вақтда дивизиянинг баъзи бўлинмалари Ироқда хизмат ўтамоқда ва маҳаллий кучларга ИШИД билан курашишда ёрдам кўрсатмоқда.