Россияликларнинг учдан икки қисми (67 фоиз) РФ ҳукумати мамлакатга келаётган меҳнат мигрантлари оқимини тўхтатишга ҳаракат қилиши керак, деган фикрда. Русларнинг ҳар бешинчиси эса бунга қарши (19 фоиз). Бундай хулосага “Левада-Центр” ижтимоий тадқиқотчилари келишган. Улар Россиянинг 48 минтақасида жойлашган 137 аҳоли пунктида 17-20 февраль кунлари 1600 нафар инсон ўртасида ўтказилган сўров якунларини таҳлил қилишди.

Ўз позициясини билдириш билан боғлиқ муаммога 13 фоиз иштирокчилар дуч келган.

Россияликлар кўп ҳолларда Шимолий Кавказ (41 фоиз уларни салбий қабул қилади, 41 фоиз – нейтрал, 9 фоиз - яхши) ва Ўрта Осиёдан (38 фоиз – ёмон, 48 фоиз – нейтрал, 10 фоиз - яхши) бўлган меҳнат мигрантларига муросасизлик ҳақида гапиришган.

2007 ва 2017 йиллар оралиғидаги даврда Украинадан бўлган меҳнат мигнатларига совуқ муносабат даражаси ошган ҳамда, аксинча, Кавказорти давлатларидан бўлган мигрантларга муносабат бир қадар яхшиланган.

Шу тариқа, Украинадан келганларга россияликларнинг айни дамда 25 фоизи ачинади, 52 фоизи уларга муроса билан муносабатда бўлади, 19 фоизи эса – ёмон муносабатда. Арманистон, Грузия, Озарбойжондан бўлган меҳнат мигрантларига россияликларнинг 10 фоизи яхши муносабатда, 51 фоизи – нейтрал, 34 фоизи эса – ёмон муносабатда.

Россияликларнинг тасаввурига кўра, меҳнат мигрантлари одатда, “таълим олмаган шахслар бўлиб, улар фақатгина малакасиз меҳнат билан шуғулланиши мумкин” (32 фоиз), “кўплаб қийинчиликларга дуч келишган бахтсиз кишилар” (28 фоиз), шунингдек “аҳолининг ижтимоий ёмон қатламларидан чиққан шахслар” (15 фоиз).