Сальвадор ўз ҳудудида металлар қазиб олишни тақиқлаган биринчи давлатга айланди. Эндиликда қонун “Сальвадорда металл минералларини қидириш, қазиб олиш ёки қайта ишлашни” тақиқлайди. Бу ҳақда Phys.Org порталида хабар берилди.

«Бу қонуннинг қабул қилинишига жамиятга фойда келтирмайдиган саноатнинг ривожи туртки берди. У нафақат фойда келтирмайди, балки атроф-муҳит ва сув ресурсларининг жиддий ифлосланишига ҳам сабаб бўлмоқда», - дея ҳисоблайди Сальвадор Экология блоки президенти.

Лотин Америкасининг кўплаб давлатлари минераллар экспортидан катта даромад қилади, бироқ маҳаллий ҳамжамиятлар жараёнда ишлатилувчи заҳарли металлар атроф-муҳитга зарар келтириши ҳақида бонг уриб келади. Шунингдек, янги қонун қишлоқ жойлардаги аҳоли ерларини металл қазиб олиш бўйича лойиҳалардан ҳимоялашга ҳам қаратилган.

Тоғ-кон саноатини кузатиб борувчи Канаданинг MiningWatch ташкилоти Сальвадорда қабул қилинган қарор бошқа давлатлар учун ўрнак бўлишига умид қилмоқда.