АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон National Public Radio учун берган интервьюсида айтиб ўтишича, унинг Москвага ташрифи вақтида ҳеч қандай масалага жавоб олинмаган. У Россия «глобал дунёвий тартибда ижобий ёки вайронкор рол ўйнашни исташи» борасида бир тўхтамга келиши лозимлигини қўшимча қилган.

«АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатлар «совуқ уруш» даврига солиштирганда ҳам ёмон ҳолатга келган ва Москва бу фикрга қўшилди. Биз бу учрашувда ҳеч нарсани ҳал қилмадик», — деган у.

Рекс Тиллерсон Москвага 11—12 апрель кунлари ташрифини амалга оширганди. У президент Владимир Путин ҳамда Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан музокаралар ўтказганди.