Парламентда “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. У ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш ва унга оғдириш бўйича жавобгарликни кучайтиришга қаратилган.

Norma.uz’нинг ёзишича, “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси, Президентнинг 2008 йил 23 июндаги ПФ–896-сон “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида Олий суд ҳузуридаги Тадқиқот маркази томонидан ўрнатилган тартибида келишиб, ишлаб чиқилди.
 
Қонун лойиҳасида ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш ва унга оғдириш ҳолатлари сонини камайтириш, жиноий-ҳуқуқий чора-тадбирлар орқали фуқароларнинг ҳаётини янада самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида, Жиноят кодексининг (ЖК) 103-моддаси 1-қисмининг санкциясида кўзда тутилган озодликдан маҳрум этиш жазо муддатини ошириш йўли билан, ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказганлик учун жазо чорасини кучайтириш ҳамда ушбу модданинг иккинчи қисмига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш йўли билан оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилган жиноятлар учун қаттиқ турдаги жазо чораларини кучайтиришни ва ўзини ўзи ўлдиришга оғдирганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.
 
Суд статистикаси таҳлили шуни кўрсатмоқдики, ЖК 103-моддасида кўрсатилган жиноятларни содир этиш охирги йилларда турли хил кўрсаткичларда эканлиги кузатилмоқда.

Жумладан, 2013 йилда судлар томонидан ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш билан боғлиқ 52 нафар шахсга нисбатан 43 та жиноят иши, 2014 йилда судлар томонидан 75 нафар шахсга нисбатан 64 та жиноят иши, 2015 йилда судлар томонидан 56 нафар шахсга нисбатан 54 та жиноят иши, 2016 йилда судлар томонидан 53 нафар шахсга нисбатан 49 та жиноят иши кўрилган.
 
Жазо амалиётининг таҳлилига кўра, 2013 йилда мазкур турдаги жиноятни содир этган шахсларнинг 39 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 2 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, 2 нафарига жарима жазоси, 2014 йилда мазкур турдаги жиноятни содир этган шахсларнинг 52 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 8 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, 3 нафарига жарима жазоси, 2015 йилда мазкур турдаги жиноятни содир этган шахсларнинг 40 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 8 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, 1 нафарига жарима жазоси, 2016 йилда мазкур турдаги жиноятни содир этган шахсларнинг 29 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 5 нафарига озодликни чеклаш, 3 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, 1 нафарига жарима жазоси тайинланган.
 
Ҳозирги кунда шахсни ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш ижтимоий хавфли жиноят дея баҳоланиб, унга нисбатан МДҲга аъзо барча давлатлар Жиноят кодекси ва қонунларида жиноий жавобгарлик белгиланган.