Ўзбекистон Республикаси МХХ Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан 24 млрд сўмдан ортиқ товар-моддий бойликларнинг чегарадан ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган брифингда МХХ Матбуот маркази катта ходими Лола Юлчибаева маълум қилди. 

Хусусан, 890 гр симоб, 73 тонна 164 кг рангли металл, 34 минг 53 метр газлама, 2 минг 235 бош чорва моллари, 169 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, 101 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари, 37 минг 397 литр ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, 152 тонна минерал ўғитлар, 225,5 млн сўмлик кийим-кечак, 1 млрд 40 млн сўмлик теле-, аудиоускуналарнинг олиб ўтилишига чек қўйилди. 

МХХ Матбуот маркази расмий вакилининг сўзларига кўра, турли товар-моддий бойликларнинг катта қисми Ўзбекистонга Қирғизистондан олиб кирилмоқда. Ноқонуний олиб ўтилаётган товар-моддий бойликлар бир партиясининг ўртача қиймати 8-12 млн сўмни ташкил этади. 

Шу билан бирга, контрабандачилар товар-моддий бойликларни ўта йирик миқдорда олиб ўтишга ҳам уринишлар учраб туради. Жумладан, 2016 йил 14 январь куни Қирғизистондан жами 350 млн сўмлик контрабанда дори воситалари ва теле-, аудиоқурилмалар олиб кирилишига барҳам берилди.