2017 йилнинг 27 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатимизга ташриф буюрган Кувайт ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Сулаймон ал-Саидни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди. 

Суҳбат давомида Ўзбекистон билан Кувайт ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, айрим халқаро ва минтақавий масалалар муҳокама қилинди.

Учрашувда давлатлараро мулоқотни конструктив ва ўзаро манфаатли асосларда янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтиришга томонларда қизиқиш мавжудлиги тасдиқланди.

Ўзбекистонга Кувайт Давлати Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Ташқи ишлар вазири шайх Сабаҳ ал-Холид ас-Сабаҳнинг бўлажак ташрифи, Ҳамкорлик бўйича қўшма қўмитанинг биринчи йиғилиши ва бошқа икки томонлама тадбирларни ўтказиш муддатлари ва кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Шу куннинг ўзида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Кувайт вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг биринчи раунди бўлиб ўтди.

Музокараларда Кувайт Элчиси Аҳмад Холид ал-Жийрон иштирок этди.