Жорий йилнинг 26 апрель куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Равшан Усмонов ва ХХР Туризм ишлари бўйича давлат бошқармаси раиси ўринбосари Ду Цзин ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Р.Усмонов мамлакатда туристик маҳсулотларни диверсификация қилиш, экологик туризм турларини кўпайтириш, саргузашт, тоғ туризмини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида айтиб ўтди. 
  
Ду Цзин Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ишларни юксак баҳолаб, Ўзбекистон Давлат туризмни ривожлантириш қўмитаси раҳбариятининг Хитой туристик маъмурияти ва туроператорлари билан музокаралар учун келгани ўзбек делегациясининг Хитой ташрифи яхши натижалар келтиришини таъкидлаб ўтди.

Ду Цзиннинг қайд этишича, Ўзбекистон туризмни ривожлантириш учун улкан маданий-туристик, шунингдек тарихий салоҳиятга эга. Ўзбекистон мамлакатда сайёҳлик ривожи учун кўп нарса қилди. Бунга Буюк ипак йўли брендини тарғиб қилиш мақсадида БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО)нинг Буюк ипак йўлидаги минтақавий маркази очилиши исботдир. 

Шу билан бирга, Ду Цзин Ўзбекистон бой туристик салоҳияти билан таништириш ва туристик маҳсулотларини илгари суриш мақсадида Хитой туроператорлари учун қатор тадбирлар ўтказиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди. Хусусан, қуйидагиларни амалга оширишга келишиб олинди:

- Хитой туроператорлари учун танишув турларини Ўзбекистонга амалга ошириш; 

- Хитой туроператорлари билан ишчи учрашувларини ташкиллаштириш ва тақдимотлар ўтказиш; 

— жорий йилнинг 20-22 октябр кунлари Хитойнинг Куньминь шаҳрида ўтказиладиган China International tourism market кўргазмасида Ўзбекистон вакилларининг иштирок этиши;

- Ўзбекистон визасини олиш тартибини соддалаштириш;

- хитойлик сайёҳлар банк карталаридан Ўзбекистон ҳудудида фойдаланиш шароитини яратиш; 

- хитой тилини билувчи гидлар сонини кўпайтириш, шунингдек хитой тилидаги телеканални очиш; 

- Шарқий Европа давлатлари иштирокидаги туризм иттифоқига ўхшаш Марказий Осиё давлатлари туризм иттифоқини тузиш, 

- Хитойда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ваколатхонасини очиш.

Учрашув якунида томонлар туристик маъмуриятлар ўртасида туризм соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш учун қалин алоқаларни олиб боришга келишиб олдилар.