Ўзбекистонда 2010-2016 йиллар давомида бензин ишлаб чиқарилиши 26,2 фоизга, дизель ёнилғиси ишлаб чиқарилиши эса 8,3 фоизга камайган. Шу билан бирга миллий иқтисодиётимизнинг ўсиб бориши натижасида нефть маҳсулотлари, айниқса, автобензин ва дизель ёнилғисига бўлган талаб ҳам ортмоқда. Бу ҳақда ЎзА ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Бу маълумотлар "Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг нефть маҳсулотлари ва табиий ҳамда суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш" мавзусида ўтган семинар давомида келтирилди. Семинар Олий Мажлис Қуйи палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томондан ўтказилди. 

Семинарда «Ўзбекнефтгаз» тизимидаги корхоналар томонидан мамлакатимиз аҳолисининг нефть маҳсулотлари, табиий ва суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган комплекс ишлар ҳақида маълумот берилди.

Расмий маълумотларга кўра, "Ўзбекнефтгаз" компанияси томонидан углеводородларни олиш бўйича ишлар Устюрт, Бухоро-Хива, Ҳисор, Сурхондарё, Фарғона нефть-ҳудудларида давом этмоқда. Мамлакатимизда бугунги кунда 141 нефть ва газ кони фаолият кўрсатмоқда. 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида 2010-2016 йиллар мобайнида қарийб 20 миллиард долларлик капитал қўйилмалар киритилганига қарамасдан «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси томонидан суюқ углеводород ва табиий газ қазиб олиш ҳажми камайгани, хом ашё импорти 1,3 баробар кўпайгани, берилган топшириқлар ўз вақтида бажарилиши билан боғлиқ ишлар етарли даражада эмаслиги кўрсатиб ўтилган эди.