БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси спортда ирқчилик қилган ёки шу каби камситиш ҳолларига йўл қўйган спортчиларни жавобгарликка тортиш керак, деган фикрни илгари сурмоқда. ТАСС агентлигининг ёзишича, бошқарма 21 апрель куни Киевда Киевнинг "Динамо" ва Донецкнинг "Шахтёр" жамоалари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда айрим мухлислар Ку-клукс-клан (ККК) аъзолари каби оқ либосларга бурканиб олгани ва нацистлар тимсолидан фойдаланганига доир ҳолатга шундай изоҳ берган. 

"Ҳукуматлар, шу жумладан, спорт идоралари ва клублар, инсон ҳуқуқлари борасидаги халқаро келишувларга мувофиқ ўз мажбуриятларига риоя этишлари керак. Улар ирқий ва шу каби камситиш ҳоллари қаерда содир бўлганидан қатъи назар ушбу ҳодисаларни текшириши ва жавобгарларни одил судга топширишлари керак", - деган БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси расмий вакили Элизабет Тросселл. "БМТ Инсон ҳуқуқлари бошқармаси ва менинг билишимча, ФИФА ва УЕФАнинг ҳам бу масаладаги қараши шундай", - деб таъкидлаган Тросселл. 

Киевда бўлиб ўтган футбол учрашувидаги ирқий ва камситиш ҳолатлари матбуотда жиддий баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. The Sun газетасининг ёзишича, "Киевнинг "Динамо" жамоаси мухлислари Донецкнинг "Шахтёр" клубида қора танли футболчилар бўлгани сабабли камситиш ҳаракатларини амалга оширган".