Бразилияда пенсияга чиқиш ёши оширилиши ва меҳнат қонунчилигининг ислоҳ қилинишига қарши чиқаётганлар мамлакат президенти Мишел Темернинг Сан-Паоло шаҳридаги уйи олдида тартибсизликлар уюштирдилар. Бу ҳақда Globo нашри хабар бермоқда.

Нашр маълумотларига кўра, намойишчилар Темер уйига келишганда полиция уларга бино олдидан кетишни буюрган. Бироқ намойишчилар полициячиларнинг буйруқларини бажаришдан бош тортишганда полиция уларга нисбатан кўзни ёшлантирувчи газ ва резина ўқлар қўллаган. Намойишчилар бунга жавобан полициячиларга тошлар улоқтиришни бошлашган.

Маълум қилинишича, намойишда 70 минг киши иштирок этган. Globo’нинг таъкидлашича, норозилар яқин атрофдаги банк, супермаркет ва тамаддихонани остин-устун қилишган.

Bloomberg ахборот агентлигининг маълум қилишича, 26 апрелда Бразилия конгресси қуйи палатаси меҳнат қонунчилигини ўзгартирадиган қонун лойиҳасини маъқуллади. Энди бу лойиҳани сенат маъқуллаши керак. Бундан ташқари, кейинги ҳафтада сенат комиссиясида пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича конституцияга тузатишлар киритиш юзасидан овоз бериш жараёни бўлиб ўтади.  

Намойишларга қарамасдан, Бразилия президенти "қонунчиликни модернизация қилишни давом эттиришини" айтган. Reuters ахборот агентлигининг таъкидлашича, Темер фуқароларни пенсия олиш учун узоқроқ вақт ишлашга мажбур қилувчи ислоҳотларни таклиф қилмоқда. Ҳозирда бразилияликлар 54 ёшдан пенсияга чиқишлари мумкин. Темер эса эркаклар учун пенсияга чиқиш ёшини 65 ёшгача, аёллар учун эса 63-64 ёшгача оширишни таклиф қилмоқда.  
    
Темернинг айтишича, пенсия ислоҳотлари мамлакатнинг молиявий тизимини барқарорлаштириш учун зарур. Унинг фикрича, пенсия ислоҳотларидан бош тортиш Испания, Португалия ва Грециядаги инқирозларга сабаб бўлган.

Мухолифатда эса ҳукумат меҳнатга лаёқатли аҳолининг 12,6 фоизини ташкил қилувчи 13 млн бразилияликни иш тополмаётгани учун шу тариқа жазолаётгани таъкидланмоқда.