Франция ҳарбий-денгиз кучларининг "Мистраль" туридаги вертолёт ташувчи-десантчи кемаси 29 апрелда Кюсю оролидаги Сасэбо шаҳрида жойлашган япон ҳарбий-денгиз базаси бандаргоҳига кириб келди. Бу ҳақда Япония ҳарбийларига иқтибос келтирган ҳолда хорижий ОАВ хабар бермоқда.  

Кема Франция, Япония, АҚШ ва Буюк Британия иштирокидаги ҳарбий-денгиз машғулотларида иштирок этади.   

Япония ҳарбийларининг маълум қилишича, ўтажак машғулотлар "унда иштирок этаётган давлатлар ўртасида ҳамкорлик ва ишончни кучайтириш ва чуқурлаштириш учун ташкиллаштирилмоқда".  

Машғулотлар 3-22 май кунлари Япония атрофида ҳамда Шимолий Мариана ороллари ва Гуам ороллари яқинида ўтиши кутилмоқда. Манёврларда 700 ҳарбий, жумладан 220 нафар япон ҳарбийси ва 60 нафар британ денгизчиси иштирок этиши режалаштирилган. Машғулотларга шунингдек яна бир француз кемаси – "Лафайет" туридаги фрегат қўшилиши керак.

ОАВнинг таъкидлашича, машғулотлар Корея яриморолидаги тарангликнинг ошиши ортида ўтказилмоқчи. Аввалроқ АҚШнинг "Карл Винсон" атом авиаташувчи кемаси бошчилигидаги кемалар гуруҳи ва Жанубий Корея ҳарбий-денгиз кучлари Япон денгизида биргаликдаги машғулотларни бошлашгани маълум қилинганди.