Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан таълим соҳасини ривожлантириш, уни тубдан ислоҳ қилиш, чуқур билимга эга бўлган юқори малакали кадрларни тайёрлаш, ватанпарварлик, инсонпарварлик, миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбияланган, илғор дунёқарашга эга, мустақил фикрловчи баркамол инсонларни шакллантириш устувор вазифа этиб белгилаб берилган.

Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича Республика олимпиадалари Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги «Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида» ги 226-сонли қарори, Адлия вазирлигида 2009 йил 2 июнда 1962-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган «Академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича Республика олимпиадаларини ўтказиш ва халқаро фан олимпиадалари иштирокчиларини танлаш тўғрисида Низом» асосида иқтидорли ва қобилиятли ўқувчиларни аниқлаш, қўллаб-қувватлаш, ноёб фазилатларини янада ривожлантириш, уларни рағбатлантириш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан ташкил этилади ва ўтказилди. 

2017 йил 23-29 апрель кунлари Остона шаҳрида (Қозоғистон) Кимё фанидан ўтказилган 51-халқаро Менделеев олимпиадасида Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этишди. 18 давлатдан 111 нафар иқтидорли ўқувчи иштирок этган мазкур нуфузли олимпиадада ўзбекистонлик ўқувчилар учта бронза медалини қўлга киритди.

Бундан олдинроқ (2017 йил 12-18 январь кунлари) математика, физика, информатика фанларидан 18 та давлатдан 182 нафар ўқувчи иштирок этган 13-халқаро Жаутиков олимпиадасида (Олма-ота, Қозоғистон) иштирок этган ўзбекистонлик ўқувчилар математикадан битта кумуш, физика ва информатикадан биттадан бронза медалини қўлга киритиб келган эди.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг маълум қилишича 2000-2016 йиллар мобайнида Ўзбекистон терма жамоалари халқаро фан олимпиадаларида 6 та олтин, 31 та кумуш ва 82 та бронза медалини қўлга киритган ҳамда 39 нафар иштирокчига махсус диплом берилган. Шу билан бирга жорий йил режасига мувофиқ биология, физика, математика ва информатика бўйича халқаро олимпиадаларга иштирок этиш бўйича ташкилий ишлар кўрилмоқда.

Халқаро олимпиадаларда ғолибликни қўлга киритган Ўзбекистон вакилларига амалдаги тартибга мувофиқ пул мукофотлари, шунингдек, олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда қўшимча имтиҳонларсиз кириш имконияти берилиб келинмоқда.