Хитой ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари департаменти бошлиғи Гуй Цунюнь "Ипак йўли" лойиҳаси нафақат Хитой, балки унинг барча иштирокчилари учун фойдали эканлигини айтиб ўтди. 

Цунюнь бунинг исботи сифатида Хитой ва Қозоғистоннинг бу йўналиш бўйича ҳамкорлигини мисол қилди.

"Қозоғистонлик ҳамкорлар мўмайгина пул топишди, РЖДдан (Россия темир йўллари) сўранг. Россия транзит орқали Қозоғистондан кўпроқ маблағ топиши мумкин", деб айтди  Цунюнь.

Цунюнь Россияни "Ипак йўли"даги қўшма инвестиция ва лойиҳалар ҳам қизиқтириши мумкинлигини қўшимча қилди.   

Цунюнь Пекинда ўтадиган "Бир камар – бир йўл" форумида юз бериши мумкин бўлган сюрпризлар ҳақидаги саволга Хитойдан бундай кутилмаган ҳаракатларни кутмаслик кераклигини, бироқ Хитой ўз ҳамкорларининг кутилмаган ҳаракатларига доимо тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди. У бунга мисол сифатида ўтган йили Россия президенти Владимир Путин Хитой раҳбари Си Цзиньпинга музқаймоқ совға қилганини эслатиб ўтди.

Аввалроқ 14-15 май кунлари бўлиб ўтадиган "Бир камар – бир йўл" форумида 37 та давлат раҳбари ва бош вазирлари иштирок этиши маълум қилинганди.