Иордания ташқи ишлар вазири Айман ас-Сафодий россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан учрашувида маълум қилишича, араб давлатлари Исроил хавфсизлигини, у Фаластин ҳудудини тарк этса, кафолат беради. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

«Исроил араблар билан тинч-тотувчиликда яшаши учун, у 1967 йилдан сўнг эгаллаб олган ерларини тарк этиши лозим. Шу тариқа, агарда бу амалга ошса, араб давлатлари Исроилга хавфсизлик кафолатларини беришга тайёр бўлади», - деган у.

Унинг сўзларига кўра, жаҳон ҳамжамиятига «мустақил Фаластин давлатини ташкил этиш ҳамда унга Исроил билан ёнма-ён тинч-тотувликда яшаш имконини берувчи янги сиёсий йўлни топиш лозим».

Аввалроқ Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Германия ТИВ раҳбари Зигмар Габриэль билан учрашувни Фаластин бўйича фикрлар қарама-қаршилиги туфайли бекор қилгани хабар қилинганди.