Қирғизистоннинг Ўш вилояти жанубида юз берган кучли тупроқ кўчкиси оқибатида 24 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазирлигида маълум қилинди.  

ФВВ матбуот хизмати маълумотларига кўра, 29 апрель маҳаллий вақт билан соат 7:00 да (Тошкент вақти билан 6:00да) Ўзган туманининг Заргар қишлоғида 1 млн куб метр келадиган кўчки юз берган.

"Кўчки 7 та уйни босиб қолган. Дастлабки маълумотларга кўра, улкан тупроқ массаси остида 24 киши қолиб кетган", деб айтилди хабарда.     

Маълум қилинишича, воқеа жойига 33 кишидан иборат қутқарувчилар гуруҳи ва Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазири етиб келган.