Google ва Facebook компаниялари 100 миллион долларлик алдов қурбонига айланишганини тан олишди. АҚШ Адлия вазирлигининг хабар беришича, ҳужум ортида 48 ёшли Литва фуқароси Эвальдас Римасаускас турган, унга март ойида фирибгарлик бўйича айбловлар қўйилган.

Маҳкаманинг март ойида хабар беришича, литвалик 2013-2015 йиллар давомида ўзини дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи осиёлик тадбиркор сифатида таништирган ҳамда ҳисоб рақамлари, шартномаларни сохталаштирган ва фишинг маълумотларини олган.

Фишинг – интернетдаги энг кенг тарқалган фирибгарлик тури бўлиб, у фойдаланувчилар логин ва махфий сўзларини олишдан иборат.

Вазирлик Римасаускас Литвада қўлга олингани ҳақида илк бор хабар берганида, жабрланганлар ҳақида маълумотлар кўрсатилмаган.

"Сохта электрон мактублар компаниялар ходимларига юборилган, бунинг оқибатида “Осиё” компанияси ҳисоб рақамига миллионлаб доллар маблағлар ўтказиб берилган", - дея таъкидлашган АҚШ Адлия вазирлигида.

Бу хабарларнинг барчаси битта компаниядан келган мактуб сифатида кўрсатилган, бироқ уларнинг ҳаммаси ёлғон манзилга олиб борган ҳамда унга Google ва Facebook ходимлари маблағлар ўтказиб беришган.

"Биз сотувлар бўлимида маълумотлар сизиб чиққанини пайқадик ва ҳукуматни бундан тезкорлик билан хабардор этдик. Биз пулларни қайтардик", - дея таъкидлаб ўтди Google матбуот хизмати.

"Facebook сарфланган маблағларнинг катта қисмини тезлик билан қайтарди ва айни дамда тергов билан ҳамкорлик қилмоқда", - дея хабар берди энг йирик ижтимоий тармоқ вакили.

Ҳар икки компанияда ҳам маблағлар қандай қайтарилганига ойдинлик киритишмади.

Европолнинг яқинда тақдим этган ҳисоботига кўра, сўнгги вақтларда фишингга асосланган кибержиноятлар кўпайган, шунинг учун компанияларга ким билан ҳамкорлик қилаётганликларини жиддий текширувдан ўтказиш тавсия этилмоқда.