Пхеньян АҚШ президенти Дональд Трамп ҳукмронлиги даврида Америкага ядро каллагини элта оладиган ракетани барпо қилиши мумкин. Бу ҳақда Америка миллий хавфсизлик департаменти раҳбари Жон Келли CNN телеканалига берган интервьюсида сўз юритди.

Унинг фикрича, "айнан ушбу президент даврида шундай вазият юзага келиши эҳтимолки, уларда (КХДР)да АҚШга тўлиқ бўлмаса-да, қисман зарба бера оладиган қитъалараро баллистик ракета пайдо бўлиши мумкин". "Агар бу ҳолат қачон рўй беришини айта олсак, биз уларни бунгача тўхтатиб қолишимиз керак бўлади", - деб қўшимча қилган вазир. 

Келлининг сўзларига кўра, айни вақтда КХДР АҚШга ядро зарбаси бера олмайди, бироқ "бундай имконият борган сари яқинлашмоқда". МХД раҳбарининг уқдиришича, "мамлакатнинг (Америка) ҳар қандай ҳудудига ядро қуролининг таъсири кенг кўламли салбий оқибатларни келтириб чиқаради". Чунки, "гап миллионлаб инсонлар ҳаёти ҳақида бормоқда".

Аввалроқ, КХДР баллистик ракета синовини ўтказгани ҳақида хабар қилган эдик. Япония ҳукумати маълумотларига кўра, у Шимолий Корея ҳудудига қулаб тушган. Пентагоннинг маълум қилишича, ракета Пукчан аэродромига яқин ҳудуддан учирилган. Ушбу синов БМТ ХКнинг Корея ярим оролидаги вазиятга бағишланган махсус мажлисидан бир неча соат кейин амалга оширилди.