Афғонистонда ИШИД террорчилик гуруҳи бўлимининг етакчиси 27 апрелда АҚШ ва афғон хавфсизлик кучларининг махсус операциясида ўлдирилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Пентагон расмий вакили Жефф Дэвис маълум қилди. 

"Операциядан мақсад ИШИДнинг Афғонистондаги амири Абдул Ҳасибни йўқ қилиш бўлган. Бизда у йўқ қилинганининг исботи йўқ, бироқ у нишонга олинган. Биз у операция вақтида ўлдирилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқдамиз", деб айтди Дэвис матбуот-анжуманда. 

Дэвиснинг айтишича, операцияда 50 нафар америкалик рейнжер ва 40 нафар афғон ҳарбийси иштирок этган. Шунингдек, Нангарҳор вилоятида ўтган операция вақтида ИШИДнинг 35 жангариси, жумладан бир неча қўмондони йўқ қилинган.