Россия ва Тожикистоннинг авиация соҳасидаги масъуллари Москвада ўтган музокаралар натижаларига кўра, икки давлат ўртасидаги авиаалоқа масалалари бўйича келишиб олдилар. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлигига Россия транспорт вазирлиги матбуот хизматида маълум қилинди.  

"Тожикистон ва Россия маслаҳатлашувлар натижасида икки давлат ўртасидаги авиаалоқага тааллуқли баҳсли масалаларни ҳал қилишди ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишди", деб айтилди хабарда.

Россия 3 апрелдан Тожикистоннинг "Сомон Эйр" авиакомпаниясига Душанбе ва Хўжанддан парвозларни ҳафтасига, мос равишда, 4 та ва 3 та рейс билан чеклаб қўйганди. Маълум қилинишича, бу чора Тожикистон Москва вилоятидаги "Жуковский" аэропортидан Россиянинг "Ямал" авиакомпаниясининг Тожикистонга парвозларни амалга ошириш аризаси бўйича келишувни рад этганига жавоб бўлган.   

Россия томони маълумотларига кўра, "Ямал" аввалбошдан Душанбега 4 та рейс ва Хўжандга 3 та рейс амалга ошириш учун ариза берган. Бироқ Тожикистон эришилган келишувларга зид равишда "Ямал"нинг бу йўналишлар учун аризасини тўлиқ тасдиқламаган. Душанбеда таъкидланишича, "Ямал" келишувларга кўра Душанбе ва Хўжандга ҳафтасига 2 тадан рейс амалга ошириши керак бўлган.