Россия ички ишлар вазирлиги мамлакатда миграцион сиёсатни юмшатувчи ва давлатга ноқонуний меҳнат муҳожирларини депортация қилишда маблағларни иқтисод қилувчи қонун лойиҳасини тайёрламоқда: арзимас тартиббузарликлар учун мигрантлар ўз хоҳишлари билан юртига чипта сотиб олиши ва полиция назорати остида ўз ихтиёри билан Россияни тарк этишлари мумкин, деб хабар беради «Известия» газетаси инсон ҳуқуқлари кенгашининг миграцион сиёсат бўйича комиссиясининг раиси Евгений Бобровнинг сўзларини келтириб.

«Агар тартиббузар поездда кетадиган бўлса, полициячилар уни вагонгача кузатиб боришади. Хорижлик чегарадан чиқиб кетгач, бу ҳақидаги маълумотлар ИИВ миграцион органларига келиб тушади. Авиапарвоз билан иш янада осон кўчади — полициячилар уни аэропортнинг паспорт назоратидан ўтказиб қўйишса бас", — деб ёзади газета Бобровнинг сўзларига таянган ҳолда.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларига кўра, бу чора депортациядан афзалроқ: мигрантлар хорижликларни вақтинча сақлаш махсус муассасида кутиб ўтирмайди. У ерда эса «тартиб қоидалар худди қамоқхонадагидек, одамлар мамлакатдан чиқариб юборилишини ҳафталаб кутишади». Бундан ташқари, янги қоидалар лойиҳасига кўра, Россияга кириб келишга тақиқ ҳам қисқартирилади. Бобровнинг фикрича, давлат бундан ҳам ютади, чунки мигрантларни чиқариб юбориш учун қўшимча маблағлар сарфланмайди.

«Бу миграцион сиёсатни инсонийлаштириш учун умумий йўналиш ҳисобланади. Агар улар мажбуран чиқариб юбориладиган бўлса, давлат уларнинг ҳар бири учун ўртача 40 минг рубль сарфлайди. Анча юмшоқ чоралар билан ҳам чекланиш мумкин. Уларни вақтинча сақлаш муассасаларида ушлаб туришдан наф йўқ, у ерда бекор ўтириб, давлат уларни боққанидан кўра, яхшиси улар ишлашсин ва бюджетга жарималар тўлашсин. Чунки уларнинг у ерда ишлашга ҳақи йўқ», — дея Бобровнинг сўзларини келтиради газета.

Шу билан бирга, ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларига кўра, миграцион сиёсатни инсонийлаштириш, биринчи навбатда, иқтисодни назарда тутиб амалга оширилмоқда, бироқ бошқа бир ҳолат ҳам эътибордан четда қолмаган — ўтган йили Федерал миграцион хизмат тугатилиб, унинг вазифалари ИИВга олиб берилган эди.

«Федерал миграцион хизмат учун хорижий фуқароларни мамлакатдан чиқариб юбориш учун бюджетда ажратилган маблағлар унинг ваколатлари полицияга олиб берилганидан сўнг ИИВ бюджетига ўтказилмаган. Ўтган йилнинг охирида ИИВ бу борада 2017 йилнинг бюджети учун кўзда тутилган маблағларни сарфлашга ҳам мажбур бўлган. Ўтган йили ИИВ ва судлар фақат кўп марта ва оғир тартиббузарлик қилганларнигина мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақидаги таклифларимизга қулоқ тутишган эди. Улар ҳақиқатан ҳам тартибни сақлашга халақит қилаётганлар ва бу ерда бўлиши дуруст деб топилмайдиган инсонларнигина мамлакатдан чиқариб юбориш кераклиги ҳақидаги таклифларимизга қулоқ тутишди, қолганларга эса бошқача, енгилроқ чоралар қўлланилади», — деди Бобров.