Корея республикаси КХДРнинг баллистик ракета синовини кескин равишда қоралайди. Бу ҳақда мамлакат ТИВ расмий вакили Чо Чжун Хёк ОАВ учун ўтказилган навбатдан ташқари брифингда маълум қилди. 

"Ракета учирилиши БМТ Хавфсизлик кенгашининг бир неча резолюцияларини бузади ҳамда жаҳон ҳамжамияти тинчлиги ва барқарорлиги учун жиддий таҳдид ҳисобланади", - деб таъкидлаган жанубий кореялик дипломат. 

"Пхеньяннинг ўзини бундай тутиши Шимолий Корея ҳукумат вакилларининг узоқни кўра олмаслигини яна бир бор исботлайди", - деган дипломат. 

Корея республикаси штаб бошлиқлари қўмитаси ҳам ушбу ракета синовига доир баёнот берди. "Шимолий Корея фитнали сиёсатини давом эттираётгани учун қимматга тушади", - дейилади хабарда. 

КХДР, ўз навбатида, ўзини мудофаа қилиш мақсадларида ракета-ядро синовини ўтказиш ҳуқуқи борлигини даъво қилмоқда. Бу ҳақда мамлакатнинг марказий нашри "Нодон синмун" газетасида сўз юритилган.

Халқ республикаси халқи ва армияси "Суриядаги фожиалардан сўнг, яна бир марта ўзини-ўзи мудофаа қилиши учун ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш зарурлигини англаб етди", - дейилади хабарда. 

Пхеньяннинг ишонч билдиришича, АҚШ томонидан кўрсатилаётган таҳдидлар ва шантаж шароитида тинчлик ва барқарорликни таъминлашнинг ягона йўли "ядро кучларини сифат ва миқдор жиҳатидан мустаҳкамлаш ҳисобланади".

Мақолада таъкидланишича, "КХДР – Америка куч ишлатиш сиёсати қурбони бўлган Ироқ ёки Ливия эмас, шунингдек, яқинда АҚШнинг ракета зарбаларига зудлик билан қарши чоралар кўра олмаган Сурия ҳам эмас".

"Эндиликда, олдиндан эҳтиёт чораси сифатида превентив зарба бериш АҚШ монополияси ҳисобланмайди", - дейилади газета чоп этган мақолада.