КХДР Пхёнан-Намдо вилоятидан баллистик ракетани учирди, синов муваффақиятсиз якун топди. Бу ҳақда Рёнхап агентлиги хабар бермоқда.

"Шимолий Корея Пхёнан-Намдо вилоятидаги Пукчхан туманидан номаълум объектни бугун эрталаб учирди", - дея Жанубий Корея штаблар бошлиқлари бирлашган қўмитаси баёнотини келтиради Рёнхап агентлиги.

Ҳарбийлар маълумотига кўра, парвоз маҳаллий вақт билан 05.30да (Тошкент вақти билан 1.30да) амалга оширилган. Экспертларнинг фикрича, ракета стартдан бир неча сония ўтиб портлаб кетди.

Айни дамда мутахассислар ракета турини аниқлаш ҳаракатида.

АҚШнинг Тинч океани қўмондонлиги хабарига кўра, ракета Шимолий Корея ҳудудини тарк этмаган.

"АҚШ Тинч океани қўмондонлиги КХДР ракета учирганини Ҳавайи вақти билан соат 10.33да (Тошкент вақти билан 01.33да) қайд этди. Парвоз Пукчхан аэродроми яқинидан амалга оширилган", - дея хабар қилди АҚШ Тинч океани қўмондонлиги вакили Дэйв Бенхам.

Унинг сўзларига кўра, Шимолий Америка ҳаво-космик мудофааси қўмондонлиги маълумотларига қараганда, ракета “Шимолий Корея ҳудудини тарк этмаган” ва “Шимолий Америкага таҳдид уйғотмаган”. АҚШ Пхеньян томонидан янги ракета учирилиши туфайли иттифоқчилари – Корея Республикаси ва Японияни қўллаб-қувватлашини яна бир карра билдирди.

Америка ОАВнинг ҳарбийларга асосан хабар беришича, бу ўрта ҳаракат радиусидаги KN-17 ракетаси бўлиши мумкин. Жанубий кореялик мутахассисларнинг фикрига кўра эса, КХДР ракетаси тури Scud ER, яъни парвоз масофаси оширилган ракета бўлган.

Япония ҳукумати бош котиби Ёсихидэ Суганинг шанба куни журналистларга айтишича, КХДР учирган баллистик ракета мамлакат ҳудудида қулаган. Бу ҳақда NHK телеканали хабар бермоқда.

Фото:  AP

"Бугун соат тахминан 05.30ларда КХДР ҳудудидан битта баллистик ракета учирилди. Шунингдек, бизнинг тахминимизга кўра, у (ракета) КХДР ҳудудида қулаган", - деди Суга.

АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам Twitter’даги микроблогида Шимолий Кореянинг ракета учириши муваффақиятсиз бўлганини ёзди. Шунингдек, унинг маълум қилишича, парвоз Хитойга нисбатан ҳурматсизлик бўлди.

Фото:  AP

"Шимолий Корея, бугун, гарчи муваффақиятсиз бўлса ҳам, ракета учириб, Хитой ва унинг ҳурматли раиси истакларига ҳурматсизлик қилди", - дея ёзди Трамп.

Аввалроқ Трамп Си Цзиньпин билан Пхеньянга қўшма босим кўрсатиш бўйича музокараларда ижобий натижага эришганини айтиб ўтганди.