Ўзбекистон Республикасида жорий йилнинг 30 апрель – 7 май кунлари яна бир йирик халқаро мусобақа бўлиб ўтади. Тошкент шаҳри Халқаро бокс ассоциацияси – AIBA мусобақалар тақвимига киритилган қитъа миқёсидаги энг нуфузли турнирга мезбонлик қилади. 

“Ўзбекистон” универсал спорт мажмуасида бўлиб ўтадиган жангларда Осиё бокс конфедерацияси – ASBC ташкилотига аъзо Осиёнинг 29 мамлакатидан келган 200га яқин боксчилар қитъада энг номдор боксчи номи учун кураш олиб боришади. 

Шу муносабат билан, 29 апрель куни International меҳмонхонасида мусобақа ташкилотчилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда ASBC президенти Серик Конакбоев, вице-президенти Шерзод Тошматов, супервайзор Нарси Кишен Мангалдас ва Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов иштирок этишди. 

Халқаро бокс қоидалари биноан жанглар 10та – 49, 52, 56, 60, 64, 69, 75, 81, 91 ва +91 кг вазн тоифаларида ўтказилади. Таъкидланишича, бу йилги Осиё чемпионати қитъа боксчилари учун муҳим аҳамиятга эга. Мусобақада иштирок этадиган боксчилар медаллар учун курашишдан ташқари шу йилнинг 23 августидан – 4 сентябригача Германиянинг Ҳамбург шаҳрида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун баҳс олиб боришади. 

Осиё қитъаси боксчилари учун ягона саралаш турнири бўлган ягона саралаш турнирида ҳар бир вазн тоифасидан 6 нафардан энг кучли боксчи – жами 60 спортчи Жаҳон биринчилигида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Шунга кўра, ишонч билан айтиш мумкинки, бокс мухлислари турнир саралаш босқичидан муросасиз жангларга гувоҳ бўлишади. 

Чемпионатда Ўзбекистон, Хитой,  Ҳиндистон, Эрон, Иордания, Қозоғистон, Жанубий Корея, Мўғулистон, Покистон, Шри-Ланка, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Афғонистон, Малайзия, Бутан, Ливан, Непал, Фаластин, Қатар, Сингапур, Тайланд, Индонезия, Филиппин, Япония, Тайвань, БАА, Ироқ ҳамда Сурия бокс терма жамоалари ўзаро куч синашади. 

Мусобақаларни 19 нафар ҳакамлар бошқаради. Мусобақалар турли ҳомий компаниялар ва ташкилотлардан ташқари, Кун.uz ва Sports.uz сайти, UzreportTV ҳамда Sport телеканаллари ахборот кўмагида ташкил этилмоқда. 

Таҳририятимиз барча бокс мухлисларини Ўзбекистон терма жамоасини фаол қўллаб-қувватлашга чақиради ва боксчиларимизга омад тилайди.