Судда икки нафар “учар” – “Коммунал тараққиёт” давлат унитар корхонаси раҳбари Алижон Содиқов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳамда “Қурилишшерсервиз” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Акром Комиловнинг жиноий хатти-ҳаракатлари юзасидан юритилган жиноят иши кўриб чиқилди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Гап шундаки, 2014 йил сентябрь ойида буюртмачи – “Коммунал тараққиёт” давлат унитар корхонаси билан “Қурилишшерсервиз” масъулияти чекланган жамияти ўртасида тузилган шартномага асосан, пойтахтимизда жойлашган ётоқхоналардан бирини таъмирлаш учун давлат томонидан 116 млн. сўм маблағ ажратилиб, ишга киришилади. Объектни сифатли таъмирлаб, фойдаланишга топшириш муддати 2016 йилнинг февраль ойи этиб белгиланади.

Орадан белгиланган вақт ўтгач, қурилиш ишларини ўлда-жўлда, сифатсиз амалга оширган МЧЖ раҳбари найранг ишлатишни режалаштиради. Яъни бинодаги таъмирлаш ишларини ўз вақтида тўлиқ бажарилган қилиб кўрсатиб, сохта далолатнома тузади. Унга кўра, аслида бажарилмаган 42 млн. 380 минг сўмлик ишлар қўшиб ёзилади. Ваҳоланки, МЧЖ томонидан шартномада кўрсатилган ишлар тўла-тўкис ниҳоясига етказилмаган эди. Бироқ, бу камчиликларни “Коммунал тараққиёт” давлат унитар корхонаси раҳбари А.Содиқов билса-да, маълум бир “манфаат” эвазига объектни қабул қилиш ҳақидаги ҳужжатга имзо қўйиб юбораверади. Шу тариқа буюртмачи ва ижрочи ўртасида аслида бажарилмаган ишлар учун сарфланган, дея кўрсатилган 42 млн. 380 минг сўм миқдоридаги маблағ ўзлаштирилади.

Ишни хамирдан қил суғургандай ҳал қилган нафс бандаларини сифатсиз таъмирланган бинонинг кейинги тақдири умуман қизиқтирмайди. Аммо уларнинг найранги таъмирлаш ишлари бўйича ўтказилган махсус текширишларда ошкор бўлди.

Суд ўз ишини якунлаб, ҳукм ўқиди. Унга кўра, бу икки кимса қилмишига яраша жазосини олди.