АҚШ президенти Дональд Трамп 2017 йилги федерал бюджет мавжуд бўлмаган тақдирда Америка ҳукумати фаолиятини молиялаштиришни давом эттиришга рухсат берувчи резолюцияни имзолади. 28 апрель куни кечга яқин имзоланган ҳужжат ҳақида Оқ уй матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Мазкур ҳужжат шу куни даставвал АҚШ Сенати ва Вакиллари палатаси томонидан маъқулланган эди. Ҳужжатни қабул қилиш зарурати шу билан изоҳланадики, жорий йилнинг федерал бюджети ҳамон қабул қилингани йўқ. Унинг муҳокамаси 2016 йил октябрь ойидаёқ бошланган эди. Резолюция федерал даражадаги давлат идораларини 5 майга қадар молиялаштириш имконини беради. 

Хабарларга кўра, Конгресс келаси ҳафтадаёқ 30 сентябрда поёнига етадиган федерал бюджетни тасдиқлаши кутилаяпти. Унинг ҳажми қарийб 1 трлн долларни ташкил этади. 

Умуман АҚШнинг 1977-2013 йиллардаги тарихида федерал ҳукуматни молиялаш Оқ уй маъмурияти ва Конгресс ўртасидаги келишмовчилик сабаб 17 марта тўхтаб қолган. Ижроия ҳокимият ўшанда турли вақт мобайнида "пулсиз" қолиб кетган. Уларнинг энг қисқаси 3 кунни ташкил этади. Энг узоқ давом этгани 1995 йил 15 декабрдан 1996 йил 6 январгача бўлган муддатда 21 кун давом этган.