Европа Кенгаши парламент ассамблеяси (ЕКПА) Туркияни мониторинг қилиш жараёнини қайта бошлаш ҳақида қарор қабул қилгандан кейин, Туркия Европа кенгашига тўлайдиган бадални минимум миқдоргача камайтиришга қарор қилди. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлу маълум қилди.   

ЕКПА 25 апрелда кўпчилик овоз билан Туркиянинг Европа кенгаши олдидаги мажбуриятларини бажаришини мониторинг қилиш жараёнини "инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, демократия ва қонун устуворлигини таъминлаш учун " қайта бошлашга овоз берди. Туркия ташқи ишлар вазирлиги бу қарорни  кескин қоралади ва уни Туркияга қарши сиёсий акция деб атади ҳамда ассамблея билан муносабатлар қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини айтди.

"Биз Европа кенгаши бюджетига улушимизни камайтирамиз. Минимал бадал тўлаймиз. Ҳозир у ерга делегацияни юбориш-юбормаслик ҳал қилинмоқда. Биз қабул қиладиган бошқа қадамлар ҳам мавжуд. Улар афсус қилиб қолишларини билсинлар. Бу сиёсий қарор", деб айтди Човушўғлу журналистларга Тошкентдаги сафаридан қайтаётган самолётда.