2017 йилнинг 15-16 май кунлари Тошкент ва Самарқандда «Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл» мавзуида икки кунлик халқаро илмий-маданий конгресс ўтказилиши режалаштирилмоқда. 

Тадбир ишида Ўзбекистоннинг маданий-тарихий меросини сақлаш ва тарғиб қилиш, шарқшунослик, археология, тарих, шарқ қўлёзмалари, нумизматика, тўқимачилик, кулолчилик соҳаларига ихтисослашган 120 дан ортиқ хорижий ва 100 дан ортиқ миллий олим ва эксперт иштирок этади. Улар орасида Россия, Канада, Италия, Буюк Британия, Ҳиндистон, Миср, Корея, Бельгия, Голландия, Франция, Германия, Чехия, АҚШ, Хитой, Туркия, Греция, Озарбойжон ва бошқа мамлакатлардан дунё илм-фани вакиллари – машҳур олимлар, музей ва илмий институтлар раҳбарлари, илмий журналлар муҳаррирлари, таниқли коллекционерлар,шунингдек, ЮНЕСКО ва ICOMOS (Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни сақлаш бўйича халқаро кенгаш), кўп сонли асарлар ва китоблар муаллифи бўлган олимлар бор. Илмий анжумандан кўзда тутилган мақсад - Ўзбекистон маданий-тарихий меросини ўрганиш ва сақлашдан иборат. Тадбирда Ўзбекистон ҳудудида ва дунёнинг турли мамлакатлари музейларида сақланаётган моддий ва бадиий маданиятнинг нодир объектларига бағишланган маърузалар тингланиши кутилмоқда. 

Мазкур анжуман нафақат илмий-маданий, балки ижтимоий аҳамиятга ҳам эга бўлади, зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда ёрқин воқеа бўлади.

Тадбирнинг асосий воқеаси «Дунё тўпламларида Ўзбекистоннинг маданий мероси» (лойиҳа муаллифи ва раҳбари - Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ф.Абдухолиқов, лойиҳанинг илмий раҳбари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги Э.Ртвеладзе) эксклюзив маданий-маърифий медиа-лойиҳаси тақдимоти бўлади.

Тадбирда « Ўзбекистоннинг маданий мероси” туркумида уч тилда нашр этилган китоб альбомларнинг дастлабки беш жилди - «Шарқ давлат музейи тўплами» (Москва), «Россия этнография музейи тўплами» (Санкт-Петербург), «Третьяков давлат галереяси тўплами» (Москва), «Ўзбекистон гиламлари ва кашталари дунё тўпламларида» (Россия, АҚШ, Канада, Австралия), шунингдек, «Алишер Навоий асарлари Россия миллий кутубхонаси тўпламларида» (Санкт-Петербург) китоблари намойиш этилади. 

Бундан ташқари, нашр этишга тайёрланаётган 6 та жилд – «Ўзбекистоннинг мусиқий мероси», «Давлат Эрмитажи тўплами», «Давлат тарих музейи тўплами», «Шарқ қўлёзмалари институти тўплами», «Ўзбекистон гиламдўзлиги: асрлар оша сақланган анъаналар» ва «Германия музейлари тўпламлари» тақдимоти ҳам ўтказилади. Ҳар бир жилдни тайёрлаш кураторлари Ўзбекистоннинг таниқли олимлари, санъатшунослари, мусиқашунос ва шарқшунослари ҳисобланади. 

Тадбир иштирокчиларига, шунингдек , Ўзбекистоннинг дунё музейларида сақланаётган коллекциялари тўғрисидаги ҳужжатли фильмлар ҳам намойиш этилади. Шу мақсадда лойиҳанинг ижодий гуруҳи томонидан дунёнинг 15 та музейида тасвирга олиш ишлари олиб борилди ва таниқли олимлардан интервьюлар олинди. Тадбирнинг тантанали воқеаси лойиҳанинг илмий раҳбари, машхур археолог, тадқиқотчи, тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Эдвард Ртвеладзени 75 йиллиги билан муборакбод этишга бағишланади. 

Тадбирнинг чет эллик иштирокчилари бўлган профессорлар, тарих, санъатшунослик фанлари докторлари, санъат соҳасидаги етакчи экспертлар томонидан Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросига бағишланган қисқа маърузалар тайёрланади. Шунингдек, ташкилотчилар ва тадбир иштирокчиларидан конгрессга маҳсус қутловлар олиниши кутилмоқда, улар уч тилда нашр этиш режалаштирилаётган тадбирнинг махсус журналига киритилади.