Венесуэланинг Америка давлатлари ташкилотидаги (АДТ) миссияси расман ташкилот таркибидан чиқишини маълум қилди. Бу ҳақда миссиянинг Twitter саҳифасида эълон қилинган баёнотида сўз юритилган. 

"АДТдаги дипломатик ваколатхона (ташкилот бош котиби Л.Альмагрога) чиқиш жараёнини бошлаш хусусида президент Николас Мадуро имзоси қўйилган мактубни топширди", — дейилади хабарда. 

26 апрель куни АДТ доимий кенгаши Венесуэладаги вазият юзасидан ташкилотга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг фавқулодда йиғилишини чақирган эди. Шу муносабат билан, Венесуэла ТИВ раҳбари мамлакат президенти Николас Мадуро ташкилотдан чиқиш жараёнини ишга туширишини айтган эди. Мадуронинг ўзи эса, мамлакатнинг зудлик билан АДТни тарк этишини таъкидлаган эди. Аммо, расмий жараён 2 йилни талаб қилади.