АҚШ қўшинлари турк ҳарбийлари ва курд жангчилари ўртасидаги тўқнашувларнинг олдини олиш мақсадида Туркия-Сурия чегарасини назорат қилишни бошлади. Бу ҳақда АҚШнинг расмий шахсларига иқтибос келтирган ҳолда The Wall Street Journal нашри хабар бермоқда. 

"АҚШ кучлари Сурия шимолини бу ҳудудда барқарорликни қўллаб-қувватлаш ва ИШИДга қарши курашда халақит қилиши мумкин бўлган воқеаларнинг олдини олиш мақсадида назорат қилмоқда", деб айтди АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция штаби вакили Жон Дорриан.

Доррианнинг айтишича, ИШИД ҳали ҳам нафақат Яқин Шарқ, балки бутун дунёга жиддий хавф солмоқда.  

Аввалроқ Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари Ироқ шимолидаги Курдистон ишчи партияси позицияларига авиазарбалар бергани маълум қилинганди.  

25 апрелда Туркия қуролли кучлари бош штаби Сурия шимоли-шарқида ва Ироқ шимолида курд позицияларига берилган авиазарбалар оқибатида Курдистон ишчи партиясининг 70 га яқин аъзоси ҳалок бўлганини маълум қилганди.