Ньютон Фолс шаҳрида яшовчи Дэниел Мур ва унинг турмуш ўртоғи Лиза миллиардер Марк Цукерберг уларнинг уйига меҳмонга келишидан 15 дақиқа олдин хабар топишди. BBC шу ҳақида ҳикоя қилди.

Facebook асосчиси ходимларига республикачилар фойдасига ўз фикрини ўзгартирган америкаликлар билан яқиндан танишиш истагида эканини айтди. Шундан сўнг Цукербергнинг ишчилари Мурлар оиласини топишди. Дэниел Мур икки марта Барак Обамага овоз берган, бироқ сўнгги сайловларда Дональд Трампни фаол қўллаб-қувватлаган.

Цукерберг оҳайолик оилага келишидан аввал уларга кечки овқатга "90 фоиз америкаликни "ўз маҳсулоти билан таъминловчи" калифорниялик жуда бадавлат филантроп келиши" ҳақида хабар беришди. 

Кечки овқат маҳали нафақат сиёсат, балки хайрия мавзусидаги суҳбат ҳам қизиди. Мурлар оиласи Угандадаги болалар уйига ёрдам бериб келади. Цукерберг уларга маблағ тўплашга ёрдам беришни таклиф қилди. 

Ушбу ташрифдан кейин Цукерберг ўзининг Facebook тармоғидаги саҳифасига қуйидагича ёзди: "Ҳозиргина Оҳайодан қайтдим. Дэн ва Лиза Мурларга илиқ қабул ва ажойиб кечки овқат учун раҳмат!" Уй эгаси бунга жавобан миллиардерга жавоб ёзди: "Ташриф учун катта раҳмат, Марк. Сен ажойиб инсонсан".

Цукерберг шунингдек Оҳайода даволаш курсларини ўтаётган гиёҳванд моддаларга тобеъ кишилар билан ҳам кўришди. Шундан сўнг у маҳаллий ўт ўчирувчилар билан тушлик қилиш учун Индианага йўл олди. 

Facebook асосчиси бундан аввал 50 штатнинг барчаси бўйлаб саёҳат қилиш нияти ҳақида гапирган эди. Шундан кейин баъзиларда Цукерберг сиёсат билан шуғулланмоқчи, деган тахминлар пайдо бўлди.