Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маълум қилдики, мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари Ироқ ва Сурия ҳудудидаги курдларнинг позициялари бўйлаб янги зарбалар йўллаши мумкин. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар тарқатди.

Шу билан бирга туркияликлар раҳбари навбатдаги амалиётларнинг аниқ санаси ҳақида ҳеч нарса дея олмаслигини қўшимча қилган.

«Биз ҳужум вақтини маълум қила олмаймиз. Аммо улар турк армияси келиши мумкинлигини билишади», — деган у.

Апрель ойининг иккинчи ярмида Туркия ҳарбий самолётлари Ироқ ва Сурия ҳудудидаги курдларга ҳужум қила бошлади. 29 апрель куни ҳам Туркия ҲҲК Курдистон ишчилар партиясининг Ироқ шимолидаги позицияларига зарбалар берди. Расмий Анқара Ироқ шимолига берилган авиазарбалар натижасида 14 нафар курд жангариси ўлдирилганини билдирди.