Бундеслиганинг 31-турида «Бавария» «Вольфсбург» меҳмони бўлди ва рақибини 6:0 ҳисобида тор-мор этди. Натижада жамоа 73 очко жамғариб, иккинчи ўринни эгаллаб турган «РБ Лейпциг» клубидан 10 очко ўзиб кетди. Бу эса мусобақа якунланишига 3 тур қолганида жамоага чемпионлик келтирди.

Энди «Бавария» қаторасига 5-марта, ўз тарихида эса 27-марта Германия чемпиони бўлди. Мюнхенликлар 1998-2001 йиллар давомида қаторасига 3 марта чемпионликни нишонлаганди. Ўтган асрнинг 70-йилларида эса Менхенгладбахнинг «Боруссия» жамоаси кетма-кет 5 марта чемпионликка эришган.

Ўтган мавсумда ҳам «Бавария» иккинчи ўриндаги жамоани 10 очкога ортда қолдирган ҳолда финишга етиб келганди. 

Бундеслиганинг 31 учрашувида «Бавария» 17 гол ўтказган. Бу борадаги иккинчи яхши кўрсаткич «Лейпциг»га тегишли – 31 гол. 

«Бавария» 79 гол урган. Бу Дортмунднинг «Боруссия» жамоаси урган голлар сонидан 14тага кўп.

Бу мавсумда «Бавария» биринчи давра охирида фақат 3 ҳафта давомида турнир жадвалида биринчи ўринда бормади, бу даврда «Лейпциг» пешқадамлик қилганди. 

«Бавария» мавсумда 3 марта 6:0 ҳисобидаги йирик ғалабаларга эришди, бир марта – 5:0 (бу натижа ҳам «Вольфсбург»га қарши ўйинда) ва бир марта 8:0 ҳисобидаги натижаларни қайд этди. Бундан ташқари, «Бавария» яна 5та учрашувда йирик ҳисобларда ғалаба қилган.

Мануэль Нойер 14 ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаган.

Бу мавсум Филипп Лам фаолиятидаги сўнггисидир. Бу унинг саккизинчи чемпионлиги. У бу орқали Оливер Кан, Мехмет Шолл ва Бастиан Швайнштайгер каби футболчиларнинг рекордларини такрорлади. Жамоанинг бошқа бир футболчиси Тиаго Алькантара учун ҳам бу саккизинчи чемпионлик, аммо у 4та чемпионликни «Барселона»да нишонлаган.