Истанбулда 29 апрель кечки пайт Эроннинг мухолиф Gem TV телеканали асосчиси ва раҳбари Саид Каримиан ва унинг кувайтлик ҳамкори отиб кетилди, деб хабар бермоқда France-Presse ахборот агентлиги. 

Юзида ниқоб бўлган номаълум кимсалар Истанбулнинг Маслак туманидаги йўлда қурбонларнинг йўлини тўсган. Босқинчилар "жипи" жабрдийдаларнинг "люкс" синфидаги машинаси олдига туриб олган. Шундан кейин эронлик ва унинг ҳамроҳи автоматлардан ўққа тутилган.  

Каримиан воқеа жойида, унинг ҳамроҳи эса шифохонага олиб кетилаётганда вафот этган.

Турк полицияси воқеани тергов қилишни бошлади, кузатув камералари қайд қилган ёзувлар олинган. Полиция босқинчиларнинг машинасини жиноят содир этилган жойдан 10 км ча узоқликда ёнган ҳолатда топган. Тахмин қилинишича, Каримианнинг ўлдирилиши унинг молиявий муаммолари билан боғланган бўлиши мумкин.

Каримиан Буюк Британия фуқароси бўлиб, унинг компанияси хорижий кўрсатувларни ва форс тилидаги телесериалларни намойиш қилувчи 17 телеканални бирлаштиради. Теҳрон суди Каримианни "Эронга қарши ташвиқот уюштиришда" айблаб, сиртдан 6 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилган. Каримианнинг қариндошлари у бир неча ойлар давомида Эрон ҳукуматидан таҳдидлар олгани ва яқин орада Истанбулдан Лондонга қайтишни режалаштирганини маълум қилишган.