Македония парламентидаги тартибсизликлар бўйича 15 кишига айблов қўйилди. Бу ҳақда маҳаллий полицияга иқтибос келтирган ҳолда Associated Press ахборот агентлиги хабар бермоқда.  

Эслатиб ўтамиз, 27 апрелда бир гуруҳ намойишчилар парламент биносига кириб, тартибсизликлар уюштириб, депутатларни дўппослашган. Бунинг оқибатида 100 га яқин одам турли даражадаги жароҳатлар олганди. Намойишчилар парламент спикери этиб миллати албан бўлган Талъат Жафарий тайинланганига қарши чиқишган.  

Айбланувчиларга "жиноий гуруҳ фаолиятида иштирок этиш ва давлат хизматчиларига лавозим ваколатларини бажаришда тўсқинлик қилиш" айби қўйилди.